O'zDJTU Axborot resurs markazi
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети ректорининг Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигига йўллаган табриги
Азиз ва қадрдон дўстлар!
Университетимизда фаолият олиб бораётган ҳурматли ҳамкасблар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар!
Азиз ва қадрдон дўстлар!
Университетимизда фаолият олиб бораётган ҳурматли ҳамкасблар, профессор-ўқитувчилар ва талабалар!
Энг улуғ, энг азиз байрамимиз бўлган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллигини катта мамнуният билан нишонламоқдамиз. Сизларни ушбу қутлуғ кун билан чин қалбимдан самимий муборакбод этаман.
Бугунги пандемия шароитига тўғри келган ушбу умумхалқ байрамини тартибли ва карантин қоидаларига амал қилган ҳолда нишонлаш ҳар биримиздан катта масъулият талаб қилади.
Барчамиз учун синовли бўлган ушбу кунларда аввало ўзимиз ва яқинларимиз саломатлигини асрашимиз, пандемия шароитида ишлаш ва ўқишга мослашишимиз давр талаби эканлигини англамоғимиз зарур.
Университетимизда “Сен –қудрат манбаи, саодат маскани, жонажон Ўзбекистоним!” деб номланган мустақиллигимиз шиоридан келиб чиқиб, он-лайн тартибда турли маънавий тадбирлар, танлов ва тақдимотлар, конференция ва семинарлар ўтказилиши белгиланган. Барчангизни мазкур жараёнларда фаол бўлишингизни, мустақиллигимизни муносиб тарзда оила ва яқинлар даврасида нишонлашингизни сўрайман.
Ҳурматли университетимизнинг жонкуяр фидоийлари!
Барчангизга маълумки, Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети нафақат мамлакатимизда балки Ўрта Осиёда ўз нуфузига эга олийгоҳ ҳисобланади. Жумладан, илмий соҳада охирги уч йилда 50 тадан ортиқ илмий иш ҳимоялари ўтказилган бўлса, шундан 35 таси айнан ўтган йили бўлиб ўтди.
Шунингдек, режа бўйича 2019 йилда 50 нафар, 2020 йилда 60 нафар, 2021 йилда эса яна 70 нафар профессор-ўқитувчиларимизнинг илмий ишларини ҳимоя қилишлари кутилмоқда.
Бугунги кунда университетда 11 нафар Зулфия номидаги Давлат мукофоти совриндорлари, 2 нафар Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендианти, 1 нафар Ислом Каримов номидаги давлат стипендианти, 3 нафар А.Навоий номидаги давлат стипендиантлари таҳсил олмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси ва ташаббуси билан ҳаётга татбиқ этилаётган “Буюк келажагимизни мард ва олижаноб халқимиз билан бирга қурамиз” тамойилига асосан мамлакатимизни модернизация қилиш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш, шунингдек, республикамизда таълим тизимини такомиллаштириш орқали ҳар томонлама етук, баркамол, мустақил фикрлашга қодир, иродали, фидоий ва ташаббускор кадрларни тайёрлаш масаласи бизни ҳам масъулият билан ишлашга ундайди.
«Шарқ донишмандлари айтганидек, «Энг катта бойлик – бу ақл-заковат ва илм, Энг катта мерос – бу яхши тарбия, Энг катта қашшоқлик – бу билимсизликдир!»
Шу сабабли, ҳаммамиз учун замонавий билимларни ўзлаштириш, чинакам маърифат ва юксак маданият эгаси бўлиш, узлуксиз ҳаётий эҳтиёжга айланиши керак. Бу борада Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олдида турган бир қатор долзарб вазифалар ҳам борки, буни албатта амалга оширишда хорижий тилларни мукаммал эгаллаган жамоамиз салоҳиятига суянамиз.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ҳамда “Илм-маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни босқичма-босқич университетимиз ҳаётига татбиқ этиб бораётганимиз ҳам катта ютуғимиздир. Зеро, тараққиётга эришиш учун, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологияларини эгаллашимиз зарур ва шарт. Бу бизга юксалишнинг энг қисқа йўлидан бориш имкониятини беради.
Ҳурматли дўстлар, фурсатдан фойдаланиб яна бир карра барчангизни умумхалқ байрами ҳисобланган Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 29 йиллиги билан яна бир бор чин қалбимдан муборакбод этаман, оилангизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака, бахт-саодат тилайман!