Uzswlu Information resource center
Ўзимизнинг Файнберг
Ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшганлар орасида Александр Файнберг номи ҳам алоҳида тилга олинади.
Ўзбек адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшганлар орасида Александр Файнберг номи ҳам алоҳида тилга олинади. Шоир ўзбек тилида ижод қилмаган бўлса-да, шеърларида ўзбек халқига хос жиҳатлар, қадриятлар моҳирона акс эттирилган. Шунинг учун ҳам кўпчилик ижодкорлар уни “ўзимизнинг шоир” деб атайди. Файнберг пойтахтда туғилиб, Ўзбекистонни қадам-бақадам кезиб чиқди. Шу боис, унинг ижодида она Ватанни мадҳ этиб ёзилган шеърлар алоҳида тош босади. 1999 йили “Пахтакор” футбол жамоаси фожиали авиаҳалокатининг 20 йиллиги муносабати билан тайёрланган “Уларнинг тўп майдони осмонда” (сценарий муаллифи – А. Файнберг) фильмида жаранглаган қўшиқ матни ҳам шоир қаламига мансуб эди. Александр Файнберг ҳаёти ва ижоди Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари ва талабалари томонидан катта қизиқиш билан ўрганиляпти. Бу борадаги ишларни талаба ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш учун белгиланган истиқболдаги вазифалар режа асосида амалга оширилади. Жумладан, жорий йилнинг сентябрь ойига қадар Адиблар хиёбонига бир неча марта ташриф буюрилди. А.Файнберг ҳаёти ва ижодига доир очиқ дарс, давра суҳбати, Республика маънавият ва маърифат маркази билан ҳамкорликда семинарлар ўтказилди. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси кўмаги билан “Китоб маънавият сарчашмаси” мавзусида онлайн конференция ташкил этилди. Шунингдек, шоир ҳаёти ва ижоди бўйича турли мавзулардаги видеороликлар тайёрланиб, ижтимоий тармоқларга жойланмоқда. Университет веб-сайтида (http://uzswlu.uz/) алоҳида электрон саҳифа яратилган. Ушбу манзил орқали ўқувчилар адибнинг ҳаёти ва ижоди, асарлари,
таржималари ҳақида кенг маълумотга эга бўлишлари мумкин. Университетнинг магистратура босқичи талабаси Авазхон Ҳайдаров Александр Файнбергнинг рус тилида битилган шеърий тўпламини тўлалигича ўзбек ва инглиз тилларига таржима қилгани ҳам диққатга сазовордир. Шоирнинг ижодий меросини илмий жиҳатдан ўрганиш мақсадида 2021 йилнинг биринчи ярмида “Александр Файнберг — ўзимизнинг шоир” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилиши кутилмоқда. Маърифатга йўғрилган муаззам маскан — Адиблар хиёбонида ўтказилаётган маърифиймаънавий кечалар талаба ёшларнинг адабиётга қизиқишларини оширмоқда. Зеро, адабиётга берилган юксак эътибор бадиий дид ва юксак савияга эга бўлган янги авлоднинг шаклланишида муҳим омил бўлади.Улуғбек АЗИЗОВ,
Ўзбекистон давлат жаҳон
тиллари университети
ректори